Welcome to davaktiv.uz   Matnni eshitish uchun quyidagini bosing! Welcome to davaktiv.uz GSpeech
  • Хизматлар
  • Очиқ Агентлик
  • Қонунчилик
  • Алоқалар
  •    
     

    инвестиции

     

    Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуни негизида ишлаб чиқилган бўлиб, 17 та боб ва 252 та моддадан иборат ва қуйидаги асосий тартиблар жорий этиш орқали амалиётда учраётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда мазкур соҳани янада ривожлантиришга қаратилган.
    Қонун лойиҳасидаги асосий янгиликлар ва уларнинг зарурияти:
    биринчидан – амалдаги Қонуннинг “банкротлик” атамасини қонуннинг асосий мақсадларидан келиб чиқиб кенгроқ бўлган тушунча – “Тўловга қобилиятсизлик” атамасига алмаштириш;
    Худди шунга ўхшаш қонунлар Германияда “Иқтисодий тўловга қобилиятсизлик”, Қозоғистонда “Реабилитация ва банкротлик”, Японияда “Корпоратив қайта ташкил этиш, фуқаролик реабилитацияси ва банкротлик” деб номланади
    иккинчидан – банкротликнинг соғломлаштириш таомиллари, хусусан суд санацияси ва ташқи бошқарув таомилларини қўлланишини рағбатлантирувчи нормалар киритиш,
    тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш таомилларини ўтказиш жараёнида вужудга келадиган жорий солиқ тўловларини ҳисоблашни тўхтатиб туриш ва жараён муддати якунлангандан сўнг тўлаш,
    қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш мақсадида тижорат банклари, молия ташкилотлари ва бошқа манбаларнинг маблағларини жалб этиш таклиф этилмоқда (қарздор фаолиятини қайта тиклаб олиш имконини беради).
    Амалдаги қонунчиликка кўра тўловга қобилиятсизлик иши қўзғатилган корхоналарга солиқ имтиёзлари берилиши тақиқланган, бундай корхоналарга тижорат банклари томонидан кредитлар ажратилмайди;
    Амалдаги қонунда банкротликнинг соғломлаштириш таомилларидан фойдаланиш имконияти бўлсада, амалиётда бундай корхоналарга нисбатан соғломлаштириш таомили қўлланмасдан тугатилмоқда;
    2020 йил 11 ой давомида жами 10 380 та банкрот корхоналарда тугатиш ишлари олиб борилган бўлиб, уларнинг 137 таси фаолияти тикланган, 8 000 таси тугатилган, 2 243 таси бўйича тугатиш жараёни давом этмоқда.
    учинчидан – кредиторларнинг қарзлари қопланиш даражасини пастлигини инобатга олган ҳолда соғломлаштириш режаларида олдиндан қарздорликнинг қанча қисмини қоплашни назарда тутиш, шунингдек қарздорнинг мол-мулкини сотиш назарда тутилган бўлса, кредиторлар розилиги билан унинг нархини босқичма-босқич 50 %гача тушириб боришга рухсат бериш (мулки сотилиб, қарз миқдори имкон даражада максимал қопланиши таъминаланади)
    Такрорий савдода мулкнинг бошланғич қийматини 10 фоизга пасайтириш мумкин. Амалиётда аксарият корхоналар мулклари сотилмасдан, ҳокимликлар балансига ўтказилмоқда, кредиторлик қарзлари эса қопланмасдан қолмоқда
    соғломлаштириш таомилида қарз тўлиқ қопланганда қарздор фаолияти тикланиши мумкин, акс ҳолда тугатиш таомилига ўтади
    тўртинчидан – қарздор тузган битимларни бажаришдан бош тортиш ҳамда уни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича асосларини кенгайтириш (қарздорга зарар келтирувчи битимлар бажарилиши тўхтатилади)
    қарздор томонидан тузилган паст қийматдаги битимлар, шу жумладан ҳадя ёки айни шу турдаги товар билан ўз товарини айрибошлаш йўли билан тузилган битимлар, битим нархи ва (ёки) ундаги бошқа шартлар айнан шунга ўхшаш тузилган битим билан солиштирилганда нарх ва (ёки) бошқа шартлар қарздор ҳолатини жиддий равишда ёмонлаштирса, агар ушбу битим молиявий йўқотишларга олиб келган бўлса, текинга ёки ҳақ эвазига топширилган (шу жумладан вақтинчалик фойдаланишга) мол-мулк, кредиторлар манфаатларига зарар етказилмаган бўлса ҳам, шунга ўхшаш ёки бир хил мол-мулкнинг нархи билан солиштирганда, қарздор холатини жидий ёмонлаштирадиган бўлса ва ҳаказо.
    Бу меъёрнинг йўқлиги, жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида салбий акс этган (норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар самарадорлиги суб индекси бўйича 3 балл йўқотилган)
    бешинчидан – амалиётда мол-мулки етмасдан қопланмай қолган қарз маблағларини қарздорнинг мансабдор шахсларидан субсидиар ёки солидар тартибда ундириш тартиблари белгиланмаганлиги сабабли қарздорни бошқарувчи шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари оқибатида, кредиторларнинг талабларини тўлиқ қопланишини имконсиз қилиб қўйган шaxслар қaрздoрнинг қопланмай қолган мaжбуриятлaри бўйичa суд қарорига асосан субсидиар жaвoбгaр бўлиши кўзда тутилмоқда (кредиторлик қарз қоплаш даражаси ошади);
    “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуннинг 128-моддасида суд бошқарувчиси қарздорни банкротликка олиб келган ҳаракатларни содир этган учинчи шахсларни субсидиар жавобгарликка тортиш бўйича талаблар қўйишга ҳақли эканлиги кўрсатилган холос.

    олтинчидан – жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги институти ва амалиёти жорий этилмоқда. Бунда жисмоний шахснинг кредиторлик қарзи 3 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш ёки унинг мулкини сотиш орқали қопланади (кредитордан ҳимоя қилиниб, жисмоний шахс ўз қарзини тўлаш кечиктирилади, ёки озод этилади).
    Жисмоний шахсларни тўловга қобилиятсиз деб топиш институти АҚШ, аксарият Европа Иттифоқи мамлакатларида, Япония ва Россияда самарали қўлланилади
    еттинчидан – суд бошқарувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, мажбуриятлари аниқ белгиланган бўлса ҳам уларнинг ваколатлари етарли даражада эмаслиги, уларга иш ҳақи ва мукофот пулларини бериш кафолатланмаганлиги сабабли қарздор юридик шахсга суд санацияси ёки ташқи бошқарув таомилини қўлланишига эришган суд бошқарувчисини қўшимча рағбатлантириш, қўшимча ҳуқуқ ва ваколатлар бериш ва бошқа нормалар таклиф этилмоқда.
    Бугунги кунда мулки бўлмаган корхоналарни тугатишда суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. 01.11.2020 йил ҳолатига суд бошқарувчиларига 37,5 млрд сўм маблағ тўланмаган.
    Шунингдек, Адвокатлик ва аудиторлик хизмати кўрсатувчи юридик шахсларга ҳам тўловга қобилиятсизлик таомилларини ўтказиш ҳуқуқи берилмоқда.
    “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасига кўра олий маълумотга, 2 йиллик иш стажига эга бўлган, шунингдек, белгиланган тартибда аттестациядан ўтган жисмоний шахслар суд бошқарувчилари этиб тайинланиши мумкин
    саккизинчидан – ипотека бозорида улуш киритиш асосида қурилган уй-жойларни харид қилган мулкдорлар ҳуқуқлари ҳимояси таъминланмаганлиги сабабли қурувчиларни тўловга қобилиятсиз деб топишнинг алоҳида тартиби белгиланмоқда (улуш киритган мулкдорлар ҳуқуқлари кафолатланади).
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 майдаги “Кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарорида улуш киритиш асосида қурилишни амалга оширувчи қурувчиларни тўловга қобилиятсиз деб топишнинг алоҳида тартибини белгилаш зарурлиги кўрсатилган
    Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Идоралараро ишчи гуруҳ тузилиб, мутахассислар томонидан 2019 йил октябрда Япония ҳамда 2020 йил январда АҚШнинг тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги тажрибаси ўрганилган.
    Шунингдек, 2020 йил фералда JICA Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги кўмагида Японияда тўловга қобилиятсизлик амалиёти билан шуғулланувчи 2 нафар экспертларнинг мамлакатимизга ташрифи ташкил этилиб, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси бўйича уларнинг фикрлари, шунингдек Жаҳон банкининг таклиф ва тавсиялари олинган.
    Мазкур Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратилишини талаб қилмайди.
    Бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни ёки уларни ўз кучини йўқотган деб топишни талаб қилади.
    Қонун лойиҳаси куни кеча фракцияларда муҳокама қилинди, 20 тадан ортиқ саволлар берилди.
    Мисол учун, Иккинчи ўқишга қадар халқаро тажриба асосида жисмоний шахсларда фирибгарликни олдини олиш, қарздор бўлиш оқибатларини кучайтиришни назарда тутувчи нормаларни киритиш бўйича ишланади.
    Бундан ташқари, “тўловга қобилиятсизлик” тўғрисидаги атамаси киритилаётганлиги сабабли, иккинчи ўқишга қадар бошқа қонунларга ўзгартириш киритиш зарурати ўрганиб чиқилади.
    Берилган савол ва таклифлардан келиб чиқиб, қонун лойиҳасини айрим нормаларини иккинчи ўқишгача кўриб чиқиб, маромига етказиш келишиб олинди.

    ??????? Orphus
    Matnni eshitish uchun quyidagini bosing! GSpeech